Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» сайёҳлик зонасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари мажлиси бошланди, дея хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Аввал тор доирада учрашув бўлди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков иштирок этди.

Мажлисда Орол муаммоси, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Оролбўйи ҳудудида қатор кенг миқёсли лойиҳаларни амалга оширди. Орол денгизи қуриган 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етди.

Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2013−2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18 январдаги қарорига мувофиқ 2017−2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Бу маблағлар ҳисобидан аниқ амалий ишлар қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшиланмоқда.

Учрашувда Орол муаммоси оқибатларини юшатиш, сувни тежаш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари муҳокама қилинди.