Шу йилнинг 7 август куни Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. 16 августда ана шу ҳужжат ижроси бўйича вилоят ҳокимининг ҳам қарори чиқди ва оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

2019 йил охирига қадар Самарқанд шаҳрида яна 45 та меҳмонхона қурилади. Бундан ташқари, биргина Имом Бухорий мажмуасида 30 га яқин меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Аммо сайёҳлар сонининг ошиши давом этмоқда. Ана шундай вазиятда меҳмонхоналарга бўлган талабни қондириш, сайёҳларга ўзига хос хизматлар таклиф этиш мақсадида оилавий меҳмонхоналар майдонга чиқмоқда. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Бунда биринчидан, жой масаласига ечим топса, иккинчидан, сайёҳлар учун маҳаллий аҳоли урф-одатлари билан танишиш, кундалик яшаш тарзини бевосита кузатиш имконини беради. Чунки оилавий меҳмон уйларининг асосий хусусиятларидан бири — уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир.

Шу йилнинг ўзида президент томонидан туризмни ривожлантиришга доир ўнга яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, сайёҳлар оқимини оширишга доир аниқ ишлар амалга оширилгач, туристлар сони салкам икки баравар кўпайди. Шу билан бир қаторда мавжуд меҳмонхоналар сиғими талабга жавоб бермай қолди. Биргина шу йилнинг 6 ойи давомида Самарқандга 115 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Айни вақтда вилоятда ишлаб турган 100 дан зиёд меҳмонхоналар эса бир вақтнинг ўзида 4 минг меҳмонни қабул қилиши мумкин. Сайёҳлар асосан, ёз мавсумида келишини инобатга олсак, меҳмонхоналарнинг кескин етишмовчилиги юзага келди.

Вилоят ҳокимининг 16 августда қабул қилинган қарорида оилавий меҳмонхоналарни сертификатлашни соддалаштириш кўзда тутилган. Яъни, меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга тадбиркор оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади.

Аризага хусусий тадбиркор ёки оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ҳамда бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади. Қўмитанинг вилоят органига ариза ёзганингиздан сўнг уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда натижалар юзасидан далолатномани расмийлаштиради. Ана шу далолатнома асосида уйлар ягона реестрга киритилади ва иш бошлаш мумкин бўлади. Бу хизматлар учун тўлов ундирилмайди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қароридан келиб чиқиб, оилавий меҳмонхоналар учун энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиш тавсия қилинмоқда.