Президентнинг «Dori-Darmon» акциядорлик компанияси бошқарув самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида эълон қилинган. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат лойиҳасида, истисно тарзида, тасдиқланган бизнес-режа параметрларига эришган тақдирда, «United Investment Healthcare Group» LLC компанияси (АҚШ) ваколатхонаси (бундан кейин — ишончли бошқарувчи) билан «Dori-Darmon» АК (бундан кейин — Компания) устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқариш шартномасини 5 йил муддатга, яна 5 йилга узайтириш эҳтимоли билан тузиш таклиф этилмоқда.


Эслатиб ўтамиз:

  • Компаниянинг 71% акциялари пакети давлатга тегишли;
  • Компания 2 200 тадан ортиқ ижтимоий дорихоналарни ташкил этган;
  • Компания республика давлат тиббиёт ташкилотлари учун наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ягона етказиб берувчиси ҳисобланади.


Шу муносабат билан, манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан қуйидагилар режалаштирилмоқда:

а) бизнес-режа лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ЛБМА кўриб чиқиши учун киритиш;

б) Компания устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқариш шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда қуйидагиларни назарда тутиш:

  • ишончли бошқарувчи тасдиқланган бизнес-режани амалга ошириш учун пул маблағлари, асбоб-ускуналар, дастурий маҳсулотлар тарзида инвестицияларни жалб этган тақдирда мазкур инвестициялар Компания томонидан қопланади;
  • ишончли бошқарувчи хизматлари ҳақи ойлик тушум ва бонусдан ойлик ҳақ тарзида белгиланади.

Бонус миқдорини бизнес-режа параметрлари бажарилишига, шунингдек молия йили якунларига кўра устав капиталидаги давлат улуши бўйича ҳисобланадиган дивидендлар қисми ҳисобига бизнес-режада тасдиқланган миқдордан ортиқ олинган соф фойда суммасига қараб Компания соф фойдаси суммасидан ҳисоблаб чиқариш таклиф этилмоқда.

Компанияга, истисно тарзида, харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказмай тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, товарларни (ишлар ва хизматларни), ш. ж. дори воситаларини сотиб олиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Шунингдек давлат тиббиёт ташкилотлари, истисно тарзида, харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказмай тўғридан-тўғри шартномалар бўйича Компаниядан дори воситаларини харид қилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.