Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг пойтахтдаги кафелардан бирида содир этган қўпол ҳаракатлари бўйича хизмат текширувини ўтказади. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев маълум қилди.

У ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатига объектив баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилишини айтди.

«Афсуски, шундай ҳолатлар бўладики, ходимларимиз хизмат вазифасини бажараётган вақтда тартиб-қоидаларни, қаердадир эса қонунларни бузади. Бундай ходимларга нисбатан биз, албатта, чоралар кўрамиз, ўзимиз ошкор қиламиз. Катта тарбиявий ишлар олиб борилиб, кадрларни саралаш, жой-жойига қўйиш чоралари кўрилмоқда», — деди ИИББ бошлиғи.

Тошкент прокуратураси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради, терговга қадар текширув олиб борилмоқда, деди Тошкент прокурори Шерзод Облоқулов.

ИИББ матбуот хизмати маълумотларига кўра, етти ой давомида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан жиноятлар сони Тошкентдаги жамоат жойларида 763 тадан 434 тага (43 фоизга), кўчаларда — 456 тадан 245 тага (46 фоизга) камайган. Жиноят содир этган шахслар сони эса 6189 нафардан 3627 кишига (41 фоиз) камайган.