Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов 22 август куни Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Бугун юртимизда Қурбон ҳайитининг иккинчи куни байрам сифатида нишонланмоқда. Ушбу муборак кунларда одамларнинг дардини эшитиб, уларнинг оғирини енгил қилсак, ҳал этилмаётган масалаларга ечим топсак президентнинг „Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“ деган гапининг ҳаётий ифодасини кўрсатган бўламиз. Шунинг учун бугун мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг масаласи шу ернинг ўзида ҳал этилиши керак. „Тушунтириш берилди“, „ўрганиляпти“, „жараёнда“ деган гаплар керак эмас, мурожаат қилган шахснинг муаммосига ечим топиш муҳим», — деди вилоят ҳокими.

Сайёр қабулда ҳоким билан бирга вилоятдаги бошқарма ва идоралар, Самарқанд шаҳридаги секторлар раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.

Шунингдек, қабул ўтказилаётган 54-умумтаълим мактабида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилган. Вилоят раҳбари иш сўраб мурожаат қилган ҳар бир фуқаро бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.