2018 йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа парламентидаги Европа халқ партияси фракциясининг германиялик аъзолари делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат давомида «Ўзбекистон — ЕИ» шаклидаги ҳамкорликнинг ижобий ривожланиши нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг парламентлари тузилмалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамланаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Фақатгина сўнгги бир йил давомида ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини Ўзбекистонга икки марта ташриб буюрди ва мамлакатимиз раҳбарияти билан самарали музокаралар ўтказди. Бошқа соҳалар, жумладан ишбилармон доиралари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, таълим, маданият ва санъат соҳалари вакиллари ўртасидаги алоқалар ҳам сезиларли фаоллашди.

Учрашувда икки томонлама тадбирларни ўтказиш бўйича аниқ таклифлар берилди, шунингдек, қўшма кун тартибидаги бошқа масалалар, халқаро ва минтақавий муаммлолар юзасидан фикр алмашилди.