Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган йирик энергетика иншоотида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бу иншоот минтақада электр таъминотидаги муаммоларни енгиллатиш билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, ҳаёт фаровонлиги, турмуш маданиятининг юксалишига хизмат қилади.

Қурбон ҳайити ва ИЭС 1-блокининг газ-турбина қурилмаларини келтириб, ўрнатилиши муносабати билан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида бугунгача амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар билан таништириш мақсадида эҳсон дастурхони ёзилди. Унга кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур станциянинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг долларга тенг. Айни пайтда улкан энергетика иншоотининг барча йўналишларида туну кун бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Тадбир доирасида вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва жамоатчилик вакиллари иссиқлик электр станциясида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.