20 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркманистон фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Язгули Маммедовни қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантиришнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.

Олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон — Туркманистон учрашувлари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркманистонда ўзаро савдо айланмасини ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтиришга муҳим аҳамият берилади. Шу нуқтайи назардан икки томонлама ҳамкорлик институтларининг навбатдаги мажлисларини ўтказишнинг жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди.