21 август куни Осиё ўйинларининг учинчи кун мусобақалари бўлиб ўтди. Унда бир қатор спортчилар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Кун якунларига кўра уч нафар спортчи совриндорлар қаторидан ўрин олди.Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Оғир атлетиканинг -62кг вазн тоифасида супачага кўтарилган Адҳамжон Эргашев мусобақа якунига кўра умумий ҳисобда 298 кг тошни ўзига бўйсундирди ва бронза медали соҳибига айланди.

Таэквондо беллашувларида +67кг вазн тоифасида Светлана Осипова Эрон ҳамда Комбоджа вакилларини мағлубиятга учратиб, ярим финалгача етиб борди. Финал остонасида кечган баҳсда эса у қозоғистонлик Дениз Канеселга ютқазиб қўйди ва бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса +80кг вазн тоифасида Дмитрий Шокин Ҳиндистон ҳамда Иордания спортчиларини мағлуб этиб, финалгача етиб борди. Олтин медаль учун кечган жангда эса эронлик Сайид Ражабига имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль билан кифояланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегациясининг XVIII Осиё ўйинларидаги медаллари сони 10 тага етди. Учинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон спортчилари 1 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритган.