20 август куни тахминан 12:20 атрофида Юнусобод тумани Шароф Рашидов шоҳкўчасида — «Туркистон» Санъат саройи қаршисида жамоат транспорти иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

148- Жомий-Тузель йўналиш бўйича ҳаракатланиб келаётган Isuzu автобусини (давлат рақами 10 105 NBA, бешинчи автопарк) 29 ёшли Муҳаммаджон Э. бошқарган. Бошқармадан «Газета.uz"га хабар қилинишича, жамоат транспорти симёғочга бориб урилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ахборот хизматининг маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисасига автобус олд томонидан ҳудуд рақами 85 бўлган оқ рангли Spark ҳайдовчисининг рулни кескин ўнга олиши сабаб бўлган. Натижада автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл чеккасидаги устунга урилган.

Натижада автобус ичидаги бир қанча йўловчиларга тан жароҳати етказилган. Жароҳат етказилган фуқороларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Айни пайтда енгил автомобиль рақамига ойдинлик киритилган бўлиб, ИИББ ЙҲХБ томонидан автоулов қидирилмоқда.