Бектемир туманидаги 4 қаватли 57-уйда содир бўлган ёнғин ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ ЁҲБга соат 17:46 да хабар келиб тушди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича кўпқаватли уйнинг чердаги, 2,3,4 қаватлардаги 3 та хонадоннинг балкони ва хоналари қисман ёнаётган бўлган. Жами 820 квадрат метр майдон аланга ичида қолган. Дастлабки ўт ўчириш гуруҳи воқеа жойига соат 17:54 да етиб келган.

Умумий ҳисобда 8 та асосий ўт ўчириш машинаси жалб қилиниб, уларнинг 6 таси 2 ва 4 тонналик сув захирасига эга бўлган. Бундан ташқари 4 та нарвон ва битта алоқа махсус машинаси ҳам жалб қилинган. Шундай экан, интернетда сув етишмагани ҳақида тарқатилаётган хабарлар мутлақо асоссиз.

Ёнғин соат 19:40 да тўлиқ бартараф этилган. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга 2-қаватга ўрнатилган кондиционернинг электр симида юзага келган қисқа туташув сабаб бўлган. Бинонинг том қисмидаги ёғоч қурилмалар ва қуруқ шоҳлар учқун таъсирида ёниб кетган. Ёнғинга қарши кураш юқори қаватнинг томида олиб борилганлиги сабаб бир нечта хонадонлар сув остида қолган.

Ушбу хонадонларни таъмирлаш ва қайта тиклаш мақсадида шаҳар ва туман ҳокимликларининг мутахассисларидан иборат штаб ва ишчи гуруҳи тузилди.