Ички ишлар вазири, генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 12−16 август кунлари Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасида батафсил ўрганишлар олиб бориб, уларнинг якуни бўйича ҳар бир таркибий тузилма ва ходимлар фаолиятига танқидий баҳо берилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ишчи гуруҳи «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида Урганч шаҳрида ўрнатилаётган видеокузатув мосламаларининг ишлаш жараёнлари билан танишди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида шаҳар ҳудудида жиноятларнинг асосий қисми содир этилаётган аҳоли гавжум жойларда 909 та видеокузатув камералари ўрнатилиши ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, уларни тезкорлик билан фош этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўрганишлар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хоразм вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий жиноятлар 781 тага ёки 41,4 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 434 тага ёки 41,1 фоизга камайганлиги қайд этилди.

Ўз навбатида вилоятнинг айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан муносабатларда ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда уларнинг қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада олиб борилмаётганлиги оқибатида йўл қўйилган камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда жорий йилнинг етти ойи мобайнида айрим ҳудудларда криминоген вазият оғирлашган. Шовот ва Янгиариқ туманларида қотиллик, Хонқа, Урганч ва Қўшкўпир туманларида оғир шикаст етказиш жиноятлари кўпайган.

Жорий йилнинг етти ойи мобайнида3 та қотиллик ва 17 та тан жароҳати етказиш жиноятлари оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шовот, Гурлан, Хазорасп, Қўшкўпир туманлари ва Хива шаҳрида июнь ва июль ойиларининг ўзида жиноят қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар сони кескин ошган. Урганч шаҳрида жиноятларнинг 77 таси кўчаларда, 69 таси эса қўриқлашга олиниши лозим бўлган объектларда содир этилганлиги қайд этилиб, жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш соҳасидаги чора-тадбирларни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Муҳокамалар давомида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этган, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эскича иш услубида хизмат қилаётган, ўз устида ишламасдан, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаган Янгибозор тумани ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Ж.Пирязов, ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ю.Аҳмедов, Жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи И.Салаев, Урганч тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш. Жуманазаров, Қўшкўпир тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ҳасанов, Янгиариқ тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Х.Нурметов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, фаолиятида йўл қўйган камчиликлар, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Йиғилиш сўнггида вилоят ички ишлар органларида иш сифатини яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.