Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 20 август куни Бекободдан Тошкентга ҳаракатланиб келаётган ҳукумат автомобили билан рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича расмий хабарни тарқатди.

Унга кўра, 20 август куни 9:30 ларда ҳайдовчи Б.Саидов (1987 й.т.) бошқарувидаги Damas автомашинасида Тошкент вилояти Бекобод тумани Зафар қўрғони томонидан Бекобод шаҳар томонига ҳаракатланиб кетаётиб, Қорасу-Бўка-Бекобод автомобил йўлининг 92- км да бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Оқибатда Бекободдан Бекобод тумани Зафар қўрғони томон ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Р.Толипов (1952 й.т.) бошқарувидаги Мercedes-Вenz автомашинанинг чап ён томонига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Тўқнашув оқибатида Мercedes-Вenz ҳайдовчиси ҳамда унинг икки йўловчиси — А.Султонов (1968 й.т.) ва У.Қурбонов (1975 й.т.), шунингдек Damas ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси А.Мелибоев (1985 й.т.) жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Мercedes-Вenz автомашинаси йўловчиси бўлган Ўзбекистон бош вазири А.Арипов соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати олган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳат олганларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг соғлиғи қониқарли ҳолатда бўлиб, ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи жароҳатлар аниқланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.