2030 йилгача «Рақамли Ўзбекистон» ривожланиш концепциясини ишлаб чиқадиган Рақамли иқтисодиёт ривожлантирилишини мувофиқлаштириш комиссиясини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда, дейилади Norma.uz хабарида.

Концепцияга қуйидаги чора-тадбирларни киритиш ташаббуси билан чиқилган:

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли уяли алоқа, кенг полосали bнтернетдан фойдаланиш имкони билан таъминлаш;

соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий этиш, шунингдек «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар ва минтақалар ташкил этиш;

рақамли иқтисодиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек замонавий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш;

«интеллектуал ҳукумат» тамойиллари асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш.

Концепция давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳолати, уларда мавжуд ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлар, шунингдек тармоқлар ва кадрлар салоҳиятини замонавий талабларга мувофиқлиги юзасидан инвентарлаш натижалари бўйича ишлаб чиқилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.