20 август куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш масаласига бағишланган селектор мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилинди Вазирлар Маҳкамасидан «Газета.uz"га.

Мажлисда Қурбон ҳайитини кенг байрам сифатида нишонлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

«Қурбон ҳайитини жойларда кўтаринки руҳда, тартибли ва халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш, ҳайит намози ўқиладиган барча масжидларда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш, эрта тонгдан жамоат транспорт қатновини ташкил этиш, масжидлар атрофида автомобиллар вақтинча турар жойларни ҳозирлаш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ҳар бир туман, маҳалла, овул ва қишлоқлардаги ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилаларга ҳамда «Меҳрибонлик», «Мурувват», «Саховат» уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, бозорларда савдо хизматини юқори савияда ташкил этиш, истироҳат боғлари, одамлар гавжум бўладиган жойларда аҳоли учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш лозимлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун — 20 август куни эрталаб Бекободдан Тошкентга ҳаракатланиб келаётган ҳукумат кортежи йўл-транспорт ҳодисасига учраши натижасида бош вазир Абдулла Арипов енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган эди. Кейинроқ тиббий муолажалар олган бош вазирнинг ишга чиққани хабар қилинди.