Оролбўйи болалари учун таркибида реабилитация маркази бўлган 120 ўринли ихтисослашган мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон президентининг 16 августдаги қарорига таяниб хабар қилди.

Муассаса имконияти чекланган болаларга таълим бериш ҳамда уларни жисмоний ва интеллектуал имкониятларидан келиб чиқиб тарбиялаш ва реабилитация қилиш учун синов лойиҳаси шаклида ташкил этилмоқда.

30 июнь ҳолатига кўра, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида алоҳида парваришга муҳтож болалар учун 188 та ихтисослашган МТМ фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасалар 21 минг бола ёки уларнинг 3,3 фоизини қамраб олган.

Қарорда қайд этилишича, ихтисослашган муассасалар замонавий реабилитация воситалари, тиббий ускуналар, коррекцион-педагогик фаолият учун зарур бўлган жиҳозлар ва ўқув-дидактик материаллар билан таъминланмаган. Кўплаб МТМларда инфратузилма ва моддий-техник база алоҳида парваришга муҳтож болаларни тарбиялаш ва ривожлантиришга яроқсиз.

Ташкил этилажак муассаса ихтисослашган кўп профилли МТМ ва реабилитация марказидан таркиб топиб, унга тарбияланувчилар ҳафтасига беш кун тўққиз соатдан қабул қилинади. МТМга тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси асосида 2−7 ёшли болалар қабул қилинади.

Реабилитация маркази кўп профилли шифохоналар йўлланмаси бўйича болаларга пулли амбулатор ёрдам кўрсатиши ҳам мумкин.