Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 663-сон қарори билан қонун ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритилди, дейилади Norma.uz хабарида.

Ўзбекистонда учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Бу аппаратларнинг барча тури: фуқаролик, разведка қилувчи ва зарба берувчи ҳамда бошқаларига тааллуқли (ТИФ ТН кодлари 8802 20 000 1, 8802 20 000 2, 8802 20 000 8).

Бироқ истисно ҳолатлар ҳам мавжуд:

Ўзбекистон туристик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун, ш. ж. хорижий ижодий гуруҳларга дронларни вақтинча олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган. Бунинг учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» МА илтимоснома тақдим этиши зарур, Мудофаа вазирлиги ва Дававианазоратга эса учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кирувчи ва улардан фойдаланувчи шахслар ҳамда суратга олиш жойлари ҳақида ахборот тақдим этилади;

Ҳукумат шахсан берган рухсатномага кўра идоравий вазифаларни бажариш учун учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш. Бу ҳам асосан давлат муассасаларига тааллуқли истисноли ҳолатлардир. Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедия марказида рухсатнома мавжуд ва ҳ.к.

Давергеодезкадастр қишлоқ хўжалик ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш учун учувчисиз учиш қурилмаларини қўллашга ҳақли. Бу идора тўғрисидаги Низомдан тўғридан-тўғри англашилади. Уларни кўрсатилган давлат қўмитаси ҳузуридаги «Геоинновацион марказ» ДУК олиб киради ва улардан фойдаланади.

Давергеодезкадастрнинг мазкур йўналишдаги функциялари қўшимча равишда кенгайтирилди. Унга, хусусан, учувчисиз учиш қурилмаларидан олинган маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва сақлаш вазифаси юклатилди. Идора ушбу аппаратлар учун конструктив элементлар ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштиришда ва ДТни ишлаб чиқишда иштирок этади. Ҳукумат рухсатномасига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларига дронларни ижарага беради. Идорага учувчисиз учиш қурилмаларини таъмирлаш ва техникавий қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатиш вазифаси ҳам топширилди.

Маълумот учун: рухсат берилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ва давлат авиациясида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя этган ҳолда учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш лозим.

Юқорида санаб ўтилган истисноли ҳолатларга тааллуқли бўлмаган ҳолда дронларни қўллаш ҳаво бўшлиғидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш деб топилади ва маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келади.