Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан бир неча бор учрашув ўтказиб, янги дастур ва лойиҳалар бўйича келишувга эришганди.

Келишувга кўра Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ФИФА томонидан янги автобус совға қилиниши ҳақида айтиб ўтганди.

Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ваъда қилган янги автобус Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда УФА матбуот хизмати хабар берди.

Mercedes Travego M русумидаги ушбу автобус 46 кишига мўлжалланган бўлиб, 483 от кучига эга. Барча қулайликларга эга бўлиб, замонавий воситалар билан жиҳозланган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғин давомида ҳамда учрашувларга бориш учун клублардан олинган автобуслардан фойдаланиб келган. Эндиликда терма жамоа ўз автобусига эга бўлди. Ушбу автобус миллий рамзлар ва ЎФА логолари билан безатилади.