Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йил учун инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги» қарори ижроси бўйича «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти томонидан 5 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Жорий йилда жами 426,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағни ўзлаштириш мўлжалланган бўлиб, шундан 294,2 миллион доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.

«Ўзбекистон энергия манбалари бўйича нафақат ўзини-ўзи тўлиқ таъминлайдиган, балки экспорт қилувчи давлатга айланди. Бугунги кунда соҳани янада ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш тизимида жаҳон тажрибаларига мосиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш чоралари кўрилаётир. Негаки, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ортиб бормоқда», деди «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Феруз Қурбонов.

Якунда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини тартибга солиш, электр энергия учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини такомиллаштириш, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш хусусида ҳам фикр алмашилди.