Жорий йилнинг ўтган ярим йили давомида Жиззах вилоятида биринчи босқич судлари томонидан тўрт нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шу каби икки нафар шахсга нисбатан битта жиноят иши Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди раиси ўринбосари Ўткиржон Жумаев «Газета.uz"га маълум қилди.

Ёки вилоят­ суди апелляция инстанциясида икки нафар, кассация инс­танциясида эса, тўрт нафар шахсга нисбатан айблари исботланмаганлиги сабабли оқ­лов ҳукмлари чиқарилди.

Мисол учун жиноят ишлари бўйича вилоят суди кассация судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида биринчи босқич суди ҳукми билан судланган Ш. Муродов ва унинг ҳимоячиси Ғ. Намозов томонидан келтирилган кассация шикояти ҳам­да вилоят прокурори томонидан кассация тартибида киритилган протестга асосан жи­ноят­ иши қайта кўриб чиқилди.

Мазкур жиноят ишини батафсил ўрганиб чиққан кассация инстанцияси суди биринчи босқич суди томонидан қо­нун талаби ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига амал қилинмаган ва ишнинг ҳақиқий ҳо­лат­ларига ҳу­қуқий баҳо берилмаган ҳолда судланган Ш. Муродов Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в», «г» банд­ла­ри, 209-моддаси 1-қисми билан асоссиз айбдор деб топилиб, ноқонуний тўх­тамга келинган, деб ҳисоблади.

Шунинг учун биринчи босқич суди ҳукмини бекор қилиб, ҳаракатида жиноят таркиби бўлмагани сабабли Ш. Муродовга нисбатан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлов ҳукми чиқарди.

Иш ҳолатига кўра, Ш. Муродов 2016 йилнинг июнь ойидан 2017 йил август ойигача Ғаллаорол тумани Ғ. Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаган. Унинг фао­лияти текширилганида ўн бир ҳолатда ижтимоий нафақалар ноқонуний тартибда тайинланиб, 4 миллион 755 минг 376 сўм ортиқча тўланиб, бюджет маблағлари растарата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Фуқаро М. Ибодуллаеванинг икки ёшгача нафақа тайинлаш ҳақидаги аризасида оиланинг таркиби беш кишидан иборат эканлиги қайд этилган. Оиланинг жами даромади 1 миллион 243 минг 144 сўмни ёки оиланинг ҳар бир аъзоси ҳи­собига тўғри келган даромад 248 минг 628 сўмни ташкил этган. 2016 йил октябрь ойи учун белгиланган нафақага муҳтожлик мезони 224 минг 664 сўмга таққослаганда бу ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган даромад мезонига нисбатан 23 минг 964 сўмга ошиб кетган. Нафақа тайинлаш комиссиясининг 2016 йил 21 октябрдаги баённомасига асосан ойига 260 минг 480 сўмдан нафақанинг ошган қисми билан биргаликда 2016 йил 1 ноябрдан 2017 йил 1 июнга қадар, жами 2 миллион 18 минг 710 сўм нафақа пу­ли тайинланиб, шундан 2016 йил ноябрь ойидан 2017 йил апрель ойига қадар жами 1 миллион 719 минг 160 сўм тўланган.

Ғаллаорол туман молия бўлими мутахассиси томонидан шу йилнинг 24 апрелида судга тақдим этилган хулосада М. Ибодуллаеванинг оиласи олти нафар шахсдан иборатлиги, шундан тўрт нафари меҳнатга лаёқатли ва икки нафари вояга етмаганларни ташкил этиши кўрсатилган.

Шу ўринда масалага янада ойдинлик киритиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пули тайинлаш ва тў­лаш тартиби тўғрисида"ги Ни­зом­нинг 24-бандига тўхталиш лозим. Негаки, ушбу Низомнинг 24-бандига кўра, оиланинг жами даромади 1 миллион 123 минг 311 сўмни ташкил этиб, ушбу сумма олти нафар оила аъзосига тақсимланганида ҳар бир кишига 187 минг 218 сўмдан тўғри келган. Октябрь ойи учун белгиланган нафақа мезони аслида 224 минг 664 сўмни ташкил этади. Бундай ҳолатда шу ойга белгиланган нафақа мезонига нисбатан бу миқдор оила аъзоларининг ҳар бирига 37 минг 446 сўмдан камлиги кўзга ташланади.

Демак, нафақа тайинлаш комиссиясининг 2016 йил 21 октябрдаги баённомасига асосан М. Ибодуллаевага ҳар ойга 260 минг 480 сўмдан, 2016 йил 1 ноябрдан 2017 йил 1 июнга қадар 2 миллион 18 минг 710 сўм нафақа пуллари тўғри та­йин­ланган ва 1 миллион 719 минг 160 сўм нафақа пули тўғри тўланган. Бундай ҳолатда Ш. Муродов томонидан текшириш даврида нотўғри тў­ланган нафақа пуллари 3 миллион 895 минг 787 сўмни ташкил этади.

Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекснинг 61-моддаси 3-қисмига кўра, талон-торож қилинган мулкнинг қиймати энг кам ойлик иш ҳақи­нинг 30 бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қи­лиш деб ҳисобланади.

Шу ўринда Ш. Муродовга Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми билан қўйилган айб масаласига тўхталамиз. Унга кўра, мансаб сохтакорлиги, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларини кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўл­ганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўрганишлардан аниқ бўлдики, Ш. Муродов томонидан ноқонуний тўлаб юборилиб, растарата йўли билан талон-торож қилинган нафақа пуллари қиймати жами 3 миллион 895 минг 787 сўмни ташкил этган. Бу энг кам ойлик иш ҳақи­нинг 30 баравари миқдоридан ошмайди. Шунингдек, давлат манфаатига жиддий зарар ёки зиён келтирилмаган.

Кассация судлов ҳайъати юқоридагиларга асосланиб Ш. Муродовнинг ҳаракатида жиноят таркиби мавжуд эмас, деган қатъий тўхтамга келди. Суд ҳукмини бекор қилиб, Ш. Муродовни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлади.