Ўзбекистон президенти Тожикистон билан ҳамкорликда ишга солинмаган имкониятлар жуда кўплигини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Шундай ишлашда давом этсак, тез орада товар айрибошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказамиз. Аслида салоҳиятимиз — камида 1 миллиард доллар», деди президент Шавкат Мирзиёев.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва таркибини диверсификация қилишни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берилди.

Икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинди.

Транспорт ва транзит ташиш, энергетика ва гидроэнергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлиги самардорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқлади.