Тожикистон раҳбари сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини маълум қилди. Эмомали Раҳмоннинг журналистларга мурожаати 17 август куни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан ташкил этилган матбуот марказида трансляция қилинди.

«Биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаганмиз, қолдирмаймиз ҳам. Аксинча, бугун биз баланд тоғли Сарез кўлининг 17 куб км ли тоза сувидан келгусида мамлакатимиз ва минтақамиздаги қўшниларимиз эҳтиёжлари учун фойдаланиш масаласини ўрганишга келишиб олдик. Истиқболда мазкур лойиҳа минтақамиз аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ишига улкан ҳисса қўшади», — деди у.

Эмомали Раҳмон Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёсида ўзбек ва тожик компаниялари иштирокида умумий қуввати 320 МВт бўлган иккита гидроэлектростанциянинг қурилишини бу йўналишдаги ишларнинг бошланиши эканини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, томонлар ўзбек-тожик муносабатларининг янги чўққиларга кўтарилишига хизмат қилувчи тарихий қарорларни қабул қилди.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари очилганидан сўнг1 млн дан ортиқ киши чегарларни кесиб ўтди, деди Тожикистон президенти.

Музокаралар вақтида одамлар, капитал, товар ва хизматларнинг янада эркин ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича тегишли чегара тузилмаларининг янада яқин ҳамкорлиги таъминланиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.