Жиноят ишлари бўйича Тошкентнинг Учтепа туман суди Учтепа туман прокуратурасининг пойтахтдаги «Ватан» кинотеатри яқинида босқинчилик ҳужумини амалга оширишда гумон қилинаётган уч кишини қамоққа олиш тўғрисидаги тақдимномасини қаноатлантирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий судининг расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

Абдуғани Иргашев — (1985 йилда туғилган, такси хизмати ҳайдовчиси, аввал судланган), Музаффар Мирзаев (1987 йилда туғилган, вақтинча ишсиз, аввал судланган) ва Зиёвуддин Ғуломов (1994 йилда туғилган, вақтинча ишсиз, аввал судланган) Ўзбекистон Жиноят кодекси 164-модда 2-қисм «а», «б» бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 15 августдаги қарори билан уч нафар гумондорга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.