Ўзбекистон ва Тожикистон Тошкентда 16 август куни бўлиб ўтган бизнес-форумда 103,3 млн долларлик 11 та шартномани имзолади, дея хабар қилди Ташқи савдо вазирлиги (ТСВ) «Газета.uz"га.

Форумда ўзбек томонидан бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров, тожик томонидан — инвестиция ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Фаррух Ҳамрализода ва савдо-саноат палатаси раиси Шариф Саид иштирок этди.

Томонларнинг қайд этишича, жорий йилнинг биринчи ярмида савдо айланмаси ҳажми 35 фоизга ошиб, 160 млн долларни ташкил этганига қарамасдан, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик мавжуд имкониятлар даражасида эмас.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари савдо айланмасини 2020 йилгача 500 млн долларга етказишни мўлжалламоқда. Мазкур натижага эришиш учун ўзбек томони тожик компанияларини Ўзбекистон банклари тақдим этаётган 100 млн долларгача бўлган савдо операцияларини молиялаштириш механизмларидан фойдаланишга чақирмоқда.

17−18 август кунлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида «Тожикистонда ишлаб чиқарилган» саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади.