Бош вазир ўринбосари Сухроб Холмуродов Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 11-мажлиси очилишида сўзга чиқар экан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмасини кенгайтириш имкониятларини санаб ўтди.

«Сўнгги беш йил ичида ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичи сезиларли — қарийб икки баробарга ортганига қарамасдан, тан олиш жоизки, жорий савдо айланмаси ҳажми икки давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларига жавоб бермайди», — деди у.

2017 йил якунлари бўйича савдо айланмаси 323,6 млн долларни ташкил этди. Унинг 32,5 млн доллари экспорт ва 291,1 млн доллари импортдан иборат.

«Ўзбекистон корхоналари Ҳиндистонга уран концентрати, рангли ва нодир медаллар каби стратегик товарлар, шунингдек кабель-ўтказгич маҳсулотлари, полиэтилен ва полипропилен, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёр», — деди Сухроб Холмуродов.

У томонларда савдо айланмасини бир неча баробарга ошириш, унинг яқин истиқболда 1 млрд долларга етказиш учун зарур шарт-шароит ва захиралар борлигига ишонч билдирди.