Бош прокурор Отабек Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирокида Корея Республикасининг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида қатор учрашувлар ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Адлия вазирлигида адлия вазири ўринбосари Ким О Су билан ўтказилган учрашувда ҳуқуқий соҳадаги келгусидаги ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-хуқуқ ислоҳотлари, нисбатан қисқа давр ичида эришилган жиддий ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.

Корея тарафи Ўзбекистондаги янгиланишларга ижобий баҳо бериб, Корея Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси олдига қўйилган умумий вазифаларни инобатга олган ҳолда ўзаро хамкорликни мустаҳкамлаш зарурати ва бунга қатъий ҳозирлик ифода этилди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролик ҳуқуқи Комиссияси раиси (Пак Ун Жон хоним), Адвокатлар ассоциацияси раиси (жаноб Хюн Ким) ва Корея Республикаси Бош прокурори (жаноб Мун Му Ил) билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Муҳокамалар натижасида 2019−2020 йилларга мўлжалланган Корея Олий прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасидаги ҳамкорлик Дастури имзоланишига эришилди.

Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбек-корейс бизнес марказида Бош прокурор О.Муродов иштирокида потенциал инвесторлар билан брифинг ўтказилди.