Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Осиё ўйинларининг иккинчи тури доирасида Қатар терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўйин тўлалигича ўзбекистонлик футболчилар устунлиги остида кечди. 38-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Икром Алибоев жаримадан ажойиб гол киритиб, ҳисобни 2:0 га етказди.

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган футболчилар тезкор гол киритишга муваффақ бўлишди. Достон Ҳамдамов 46-дақиқада рақибни чиройли тарзда алдаб, дарвозани ишғол қилди — 3:0. 49-дақиқада Жавоҳир Сидиқов бўш қолган дарвозага осонлик билан тўпни йўллаб ҳисобни 4:0га етказган бўлса, 53-дақиқада Жалолиддин Машарипов ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг пенальтидан гол киритди ва ҳисоб 5:0га етди. 74-дақиқада Бобир Абдихолиқов рақиб хатосидан унумли фойдаланган ҳолда ҳисобни жуда йирик кўринишга олиб келди — 6:0.

Ушбу ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учрашувни Ўзбекистон ОТЖ Таиланд терма жамоасига қарши ўтказади.


Қатар ОТЖ — Ўзбекистон ОТЖ 0:6

Голлар: З.Ўринбоев (37), И.Алибоев (43), Д.Ҳамдамов (47), Ж.Сидиқов (49), Ж.Машарипов (53), Б.Абдихолиқов (74).

Қатар ОТЖ: М.Бадриддин, Т.Салмон, У.Алимадий, Т.Алмуҳаза, А.Ҳесаба, М. Ал Шаммарий, Н.Ал наср, Ж.Омар, М.Фараж, А.Ал Саадий, О. Ал Аҳмад.

Ўзбекистон ОТЖ: Ботирали Эргашев, Аббос Отахонов, Достон Турсунов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Икром Алибоев, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов, Жалолиддин Машарипов, Забиҳулло Ўринбоев.