Бир ой ичида e-visa.gov.uz хизмати орқали 5000 дан ошиқ чет элликларга Ўзбекистонга кириш визаси тақдим этилди, дея хабар қилди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz"га.

Бош вазир ўринбосари маълумотларига кўра, бир ой давомида 42 мамлакатдан 5460та ариза келиб тушган. Уларнинг катта қисми — 1190 таси Хитойдан, 671 таси — АҚШдан, 611 таси — Буюк Британиядан, 403 таси — Ҳиндистондан, 339 таси — Франциядан, 311 таси — Германиядан ва 253 таси — Австралиядан.

15 август ҳолатига кўра, 5025 та виза берилди. Бир нафар Франция фуқаросига Ўзбекистонга кириш визасини тақдим этиш рад қилинди.

Ўзбекистонга киришга электрон визаларни расмийлаштириш ва тақдим этиш тизими 15 июлда ишга туширилган эди. Биринчи икки кунда 28 давлат фуқароларидан 196та ариза келиб тушди. Ярим ой ичида эса 41 давлатдан 2784 аризачи мурожаат қилди.