8 йил давомида Жанубий Кореяда фаолият кўрсатган Камолхўжа Эшназаров Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил қилиш маркази директори лавозимига тайинланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга, аввало, тиббиёт тизимининг ушбу йўналишида маркетинг ва менежмент бўйича инновацион ғояларни олиб кириш, пуллик хизмат кўрсатувчи даволаш муассасалари фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш, самарадорлиги паст бўлган шифохоналарни халқаро стандартларга мос равишда модернизация қилиш ва тиббий туризмни ривожлантириш, тиббий хизмат нархларини қонунчилик талаблари асосида тартибга солиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, у марказнинг молия-хўжалик стратегиясини ишлаб чиқиш, пуллик хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини назорат қилиш, уларга ҳар жиҳатдан амалий ёрдам бериш, мазкур йўналишдаги етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни амалиётга татбиқ этиш, тизимда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш каби устувор вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) К.Эшназаров 8 йил давомида Жанубий Кореянинг қатор нуфузли тиббиёт компанияларида фаолият кўрсатиб, етакчи университет клиникаларида малака оширган.

Корейс ва инглиз тилларини мукаммал ўзлаштирган 41 ёшли К.Эшназаров президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ўзбекистонлик шифокорларнинг мамлакат тиббиётини ривожлантиришга жалб қилиш ҳақидаги топшириғига кўра юртимизга қайтган.