Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Тошкент шаҳрида маҳаллий бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш мақсадида Фармон лойиҳаси тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ушбу тажриба доирасида Президент девони бошчилигида ҳамда Адлия вазирлиги ходимларининг ҳуқуқий ёрдамида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ҳамда Олмазор туманларида ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур тажриба ишлари давомида М.Улуғбек тумани ТТЗ массивидаги «Наврўз дехқон бозори» Ўзбекистон тарихида илк бор тадбиркорлик субъектига Ишончли бошқарувга берилди.

Ишончли бошқарув бу — давлат мулкидан ташкил топган ҳамда амалда давлати дорасининг бошқарувида бўлган мол-мулкни тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга топширишдир.

Бу эса ўз навбатида, мазкур бозорни эндиликда тадбиркор томонидан мустақил равишда эркин иқтисодий қонуниятлари асосида ҳамда давлат органларининг таъсиридан мутлақо холи кўринишда бошқаришдир.

Бугунги кунда республикада давлат улуши бўлган 491 та бозор ва савдо комплекслари мавжуд. Жорий йил биринчи ярим йиллик якунига кўра уларнинг бюджет, жисмоний ва юридик шахслар олдидаги қарздорлиги 80 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади.

Биргина Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз дехқон бозори"нинг бюджет ва бошқа тўловлар олдидаги қарздорлиги 1,860 млрд сўмни ташкил этмоқда. Ушбу қарздорлик натижасида бозорнинг ҳисоб рақамига банд солинганлиги сабабли, бозор бир неча йиллар давомида ривожланмай келмоқда. Бундан ташқари, кундалик йиғим бадали, халқ тили билан айтганда «патта» пули тартибсиз ва тизимсиз равишда ундирилиши оқибатида, махаллий бюджетга келиб тушиши белгиланган маблағ қиймати кескин пасайиб кетган. Шунингдек, бозорда тартибсиз равишда савдо олиб борилиши, яъни тадбиркорлар томонидан белгиланган расталарда эмас, аксинча дуч келган жойда савдо қилиниши, санитар ҳолатга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аниқланган ушбу камчиликлардан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-саҳифасига бозорни ишончли бошқарувга топшириш ҳақида эълон жойлаштирилди.

Эълон асосида келган бир қанча тадбиркорлар билан ўзаро музокаралар олиб борилди. Бозорни ривожланишига оид қўйилаётган шартларга рози бўлган тадбиркор билан бозорнинг бошқарув кенгаши ҳамда ушбу тадбиркор ўртасида тегишли шартнома имзоланди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу тажриба илк маротаба амалга оширилаётганлиги сабабли, имзоланган шартнома адлия вазирлигнинг маъул ходимлари томонидан ишлаб чиқилиб, унда Ишончли бошқарувчига бир нечта асосий талаблар қўйилди.

Булар:

Қисқа муддатда мавжуд 1,860 миллиард сўм қарздорликни бартараф этиш;

Бозорда инновацион ва технологик жиҳатдан мутлақо янги ускуналарни қўллаш;

Бошқарув тизимини бозор принципларига мос ҳолда тубдан ўзгартириш;

Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини сунъий равишда ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида, маҳсулот етиштирувчи фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг тўғридан-тўғри ўзи савдо қилиши учун шароит яратишдир.

Мазкур тажриб ижобий якунланган ҳамда ушбу кўзлаган мақсад ва натижаларга эришилган тақдирда, Адлия вазирлиги бозорларни ривожлантириш бўйича тегишли қарор лойиҳасини тайёрлайди ва Ҳукуматга киритилишини таъминлайди.