18 август куни Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари старт олади. Ўзбекистон спорт делегацияси ўйинлар бошланишига икки кун қолганида расмий тадбир — иштирокчи мамлакатларнинг байроқларини кўтариш маросимида қатнашди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, делагация вакиллари, мураббийлар ва спортчилар иштирок этди. Давлат мадҳияси садолари остида Ўзбекистон байроғи кўтарилди.

Маросим давомида Ўзбекистон байроғи билан бир қаторда Филиппин, Ливан, Покистон ва Бутан байроқлари ҳам кўтарилди.

Тадбир якунида Олимпия шаҳарчаси мэри Юни Каркита делегациялар раҳбарларига эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Жасур Матчанов ҳам Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан мезбонларга аталган эсдалик совғасини тақдим этди.