Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ишонч телефони» — 1003 таркибида куну-тун фаолият кўрсатувчи «тезкор алоқа» тармоғи Республика Перинатал марказида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри перинатал марказларида ишга туширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу «тезкор алоқа"нинг асосий мақсади реал вақт режимида қизлар ва аёлларга сифатли тиббий маслаҳатлар бериш, репродуктив саломатлик ва жинсий тарбия юзасидан аҳоли билими ва маданиятини оширишга қаратилган ҳамда қизлар ва аёлларнинг мурожаатларида кўтариб чиқилаётган масалаларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва соҳага оид тизимли муаммоларнинг олдини олиш борасида тегишли ташкилотларга таклифлар киритишдир.

Мазкур саъй-ҳаракатлар 14 миллионга яқин аёл ва қизларга самарали акушер-гинекологик хизмати ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада оширишга қаратилган.