Давлат қабул комиссиясининг баёни асосида жами 276 та йўналиш бўйича оширилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди, дея хабар берди ЎзА.

Энг арзон супер-контракт миқдори 82,9 млн сўм бўлиб, 141 та йўналишда (51,1 фоиз) абитуриентлар айни шу миқдордаги супер-контрактни тўлаб, талаба бўлиши мумкин.

Энг қиммат супер-контракт эса ўтган йилдагидек ҳуқуқ соҳаси учун белгиланди — 25 баробар. Бунга кўра, юрист бўламан деган, лекин етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар биринчи йил учун 276,4 млн сўм тўлаб, талаба бўлади.

Шу каби супер-контракт учун 276 та йўналишга жами 11 хил миқдордаги нархлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, янги ўқув йилидан ўтиш балига 1, 2, 3, 4 балл тўплай олмаган абитуриент контракт пулининг 1,5, 2, 2,5 ва 3 баробарини тўлаб, талаба бўлиши мумкин. Агар абитуриент ушбу натижани қайд эта олмаса, таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда 10−20 баробаргача миқдордаги суперконтрактни тўлаши керак бўлади.