11август куни Тошкентнинг Учтепа туманида бир гуруҳ шахслар ВАЗ-2105 машинасида келиб, Spark ҳайдовчисини куч билан машинадан чиқариб, Сергели туманига олиб кетган ва калтаклашган. Ички ишлар бош бошқармаси текширув ўтказиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277- моддаси (безорилик) бўйича жиноий иш очди.

Воқеанинг тўлиқ тафсилотларини ўрганиш жараёнида барча далилий ашёлар тўпланиб, ушбу жиноий иш иштирокчиларининг кўрсатмалари олинди ва уларнинг ҳар бирига албатта тегишли баҳо берилади, дейиладиИИББ хабарида.

Ҳозирга қадар воқеанинг уч нафар жабрланувчиси ва яна уч нафар гумонланувчиси кўрсатма берган. Яна икки гумондор, жумладан ҳодиса ташкилотчиси деб айтилаётган 27 ёшли Ж.Шохруҳни қўлга олиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, жабрланувчи — 23 ёшли А.Ботиржон таниши Шохруҳдан пул қарз олиб, охирги 500 минг сўмни қайтаролмаган. Гумонланувчи Ж.Шохруҳ 24 ёшли Г. Зиёвуддин, 31 ёшли М.Музаффар, Н.Бекзод ва 33 ёшли И.Абдуғани билан «ВАЗ-2105» (Музаффар бошқарувида) ва Абдуғани бошқарган Nexia 3 автомобилида «Ватан» кинотеатри ёнида Spark машинасини бошқариб кетаётган 34 ёшли М.Жасурнинг йўлини тўсиб, уни тўхтатишган.

Қўлга олинганларнинг кўрсатма беришича, Зиёвуддин Spark машинасининг шинасига зиён етказган, Музаффар эса ойнасини синдирган.

Шундан сўнг, ҳуқуқбузарлар жабрланувчиларни куч билан ўзларининг машиналарига ўтқизиб, Сергели туманига олиб кетишган ва ўша ерда уларга тан жароҳати етказишган. Жароҳат даражасига шифокорлар аниқлик киритишмоқда.
Шундан кейин Г. Зиёвуддин ва Н.Бекзод жабрланувчиларни шифохонага олиб бориб, ҳақиқатни айтиб қўймаслиги учун кузатиб туришган.

«Қўрқув остида қолган жабрланувчилар шифокорларга бўлиб ўтган воқеа ҳақида айтишмаган ва ички ишларга ҳам хабар беришмаган. Лекин ҳолат тасвирланган видеолавҳа Интернет тармоғида тарқатилгандан сўнг, сир ошкор бўлган», — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур тасвир асосида тезкор тергов ҳаракатларини олиб бориб, шу куни кечки пайт гумондорларнинг шахсига аниқлик киритилган ва қисқа фурсатда улардан 3 нафари қўлга олинган.