13 август куни Миллий олимпия қўмитасида профилактик йиғилиш ташкил қилинди. Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Бош бошқармаси масъул ходими Умид Қурбонов, Миллий олимпия қўмитаси департамент бош мутахассиси Сардор Тошхўжаев, яккакураш спорт турлари федерациялари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Профилактика тадбирида спортчиларни тўғри йўналишда тарбиялаш, уларнинг турли қинғир йўлларга кириб кетишини олдини олиш, бу борада спорт федерациялари ва мураббийлар масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди.

Спортчида юзага келадиган нохуш ҳолатлар учун федерациялар ва мураббийлар масъул эканлиги, бу борада назоратни янада кучайтириш лозимлиги айтилди. Бордию, келажакда спортчи билан боғлиқ нохуш ҳолатлар рўй берадиган бўлса уни назорат қилмаган мураббийнинг лицензиясини олиб қўйиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкинлиги бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида шунингдек, спортчилар терма жамоадаги фаолиятини якунлаганидан сўнг ўз ҳолича ташлаб қўйиш керак эмаслиги, уларга мураббийлик билан шуғулланиш имкониятини яратиб, келажакда янгидан-янги чемпионларни тарбиялаш лозимлиги айтилди.

Йиғилиш якунида тажрибали мураббийлар спортчиларни назоратсиз қолдириш, маънавий қолоқликда тарбиялаш ёмон ҳолатларга сабаб бўлиши ҳақида турли воқеаларни гапириб беришди. Рўй бериши мумкин бўлган ёқимсиз ҳодисаларни олдини олиш борасида ўз таклифларини билдириб ўтишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркин кураш терма жамоаси сафида бир қатор халқаро мусобақаларда қатнашган Жамшид Кенжаев «Aurum» тунги клуби қўриқчилари билан муштлашув вақтида пичоқдан олган жароҳати сабаб вафот этганди.