«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга пенсияларни ҳисоблаб чиқаришга оид тузатишлар лойиҳаси ҚҲТБТ порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

2019 йил 1 январдан меҳнат фаолияти учун пенсияни ҳисоблаб чиқаришда суғурта бадаллари ҳисобланиши инобатга олинмайди. Бу президентнинг 2018 йил 26 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги ПФ-5468-сон Фармони қабул қилиниши билан боғлиқ. Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади. Тегишлича, ходимга иш ҳақи ҳисобланган бўлса, ҳар қандай иш (2019 йил 1 январдан кейин амалга ошириладиган) иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Бунда ходим 2019 йил 1 январдан кейин амалга оширадиган меҳнат фаолияти учун пенсияни ҳисоблаб чиқаришда суғурта бадаллари асос қилиб олинмаслигини яна бир бор қайд этиб ўтамиз. 2018 йил охиригача ишланган давр учун пенсияни ҳисоблашда, аввалгидек, ходимнинг суғурта бадаллари ҳисобланган даромадлари олинади.

Маълумот учун. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.

Эслатиб ўтамиз, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган, суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади. Булар:

ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;

илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;

рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (йиллик иш якунлари бўйича мукофот, таътилга қўшимча ҳақлар ва ҳ.к.);

компенсация тўловлари (оғир, зарарли, ўта зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун устамалар; бир неча касбда, лавозимда ишлаганлик учун устамалар ва ҳ.к.);

ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш (йиллик асосий ва қўшимча таътилларга ҳақ тўлаш ва ҳ.к.);

предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар;

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, ДХХнинг ҳарбий хизматчиларига, ИИОнинг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда ДБҚнинг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.