18−19 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда сешанба куни Қурбон ҳайити байрами ва ҳашар ўтказишга бағишланган видеоселектор йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди. Август ойи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойи деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан республикадаги барча кўнгилочар боғларнинг ободонлаштирилишини таъминлаш мақсадида «Мамлакат ободонлашувида ўз ҳиссангни қўш» шиори остида мамлакат ёшларининг эътиборини жалб қилиш кўзда тутилган.

Экоҳаракат ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Унда талабалар ва олий ўқув юртлари ходимлари иштирокида боғларда ўтказиладиган ободонлаштириш ишлари кўрсатиб ўтилган. Бунда ариқларни тозалаш ҳамда боғларда суғориш тизимини тиклаш, дарахтларни буталаш, ҳудудни чиқиндилардан тозалаш, шунингдек экологик ташвиқот ўтказиш кўзда тутилган.