Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳаётдан кўз юмган бир нафар Ўзбекистон фуқароси жасади ва жароҳатланганлар мамлакатга олиб келинди. Бу ҳақда ФВВ хабар қилди.

13 август куни соат 19:00да Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида жабрланганлар ва ҳалок бўлган фуқаро «Қоплонбек» чегара пости орқали мамлакат ҳудудига олиб келинди ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига ётқизилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 12 август куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудида, «Олма-Ота-Тошкент-Термиз» автомагистралининг 786 километрида икки автомобиль Daimer Chrysler 205d микроавтобуси ва «ГАЗ-53» тўқнашиб кетган эди.

Натижада бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлиб, 10 нафари турли даражадаги тан жароҳатлар билан Туркистон вилояти Сарягаш туман касалхонасига ётқизилганди.