«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида «Рохи охани Тожикистон» давлат унитар корхонаси раҳбари Комил Мирзоали бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари Акмал Камолов иштирок этди. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Тожикистон Республикасининг аксарият экспорт ва импорт ташувлари Ўзбекистон худуди орқали амалга оширилади. Шу боис йиғилишда асосий эътибор транзит юклари олиб ўтишда қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиш бўйича амалга оширилиш лозим бўлган тадбирларга қаратилди.

Ўзаро суҳбат чоғида юк ва йўловчи ташишни кўпайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди. Олиб борилган музокаралар якунига кўра Тожикистон йўловчи поездларининг Ўзбекистон худудидан ўтишида 25 фоиз чегирмалар тақдим этиш, Термиз, Қарши ва Самарқанд вокзалларида тўхтаб ўтиш, йўловчиларга намунали хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир сўнггида махсус баённома имзоланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасидаги 2018−2019 йиллардасавдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ишончга асосланган алоқаларни мустаҳкамлаш борасида Йўл харитаси белгилаб олинган эди. Қисқа фурсатда ушбу режа асосида бир қанча лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 12 март куни «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан «Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Спитамен туманидаги умумий ўрта таълим мактаби мажмуасини қуриш ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш» лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан барпо этилаётган ушбу мажмуа «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» Давлат унитар корхонаси томонидан лойиҳалаштирилган. Бунёдкорлик ишлари Тожикистон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги, ҳукумат қошидаги архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Сўғд вилояти раҳбарияти билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳозирда қурилиш учун 2,1 гектар майдон ажратилган бўлиб, бу ерга «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан барча зарур техника ва механизмлар етказилган. Айни пайтда тупроқ ишлари ва бўлғуси иншоотнинг пойдевор қисмини тиклаш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда. Ушбу жараён икки сменада ташкил этилган бўлиб, қурувчилар, инженер техник ходимлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл тармоқлари ўртасида транзит юклар ташиш, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида эса икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси сезиларли даражада ошди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина йилнинг ўтган 5 ой давомида мамлакатимиздан темир йўл орқали 120,62 минг тонна экспорт юклари ташилган. Шу даврда Тожикистон Республикасидан эса 506,31 минг тонна экспорт юклари етказилган бўлса, шунинг 174,33 минг тоннаси транзит юкларига тўғри келади. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан қўшни давлатга экспорт хизматлари ҳам кўрсатиляпти. Хусусан, «Ўзтемирйўлмаштаъмир» унитар корхонасида Тожикистон Республикаси темир йўлларига қарашли тепловоз ва вагон ғилдиракларини таъмирлаш бўйича жами 130 813 АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланган бўлиб, бу бўйича буюртмлар тўлалигича сифатли этиб бажарилган. Бундан ташқари 2017 йилда давомида «Рохи Охани Тожикистон» давлат унитар корхонасига қарашли 100 дан ортиқ юк вагонларининг хизмат муддатини узайтириш имкониятини аниқлаш мақсадида «Андижон механика заводи» шўъба корхонасида диагностика қилинди.

Бу борадаги сайъ-ҳаракатларни изчил ривожлантириш, янги имкониятларни ишга солиш, ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мазкур тадбирнинг асосий мазмуни ташкил этди. Шунингдек, учрашувда локомотив ва вагонларни бугунги кун даражасида қайта таъмирлаш, юк ва йўловчи ташиш соҳасида ўзаро келишган холда иш олиб бориш бўйича ҳам сўз юритилди.