9 август куни Нукус шаҳрида Ички ишлар вазири раислигида ҳудудларда ўтказилган ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

Мажлисда ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида йўл қўйилган қатор хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан муносабатларда ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада олиб бормаётганлиги оқибатида йўл қўйилган камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, кўплаб жойларда ҳали жиноятчиликнинг туб илдизига етиб борилмаётганлиги, жиноятларнинг асл сабаблари ўрганилмасдан, маҳалла, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларидаги муҳокамалар расмиятчилик учунгина ташкил этилаётганлиги, бу каби камчиликлар эса ҳудудда айрим турдаги жиноятлар сони ошиб, криминоген вазият ёмонлашишига сабабчи бўлаётганлиги танқид қилинди.

Хусусан, республикада жорий йилнинг етти ойи мобайнида умумий жиноятчилик сезиларли даражада камайган бўлсада, Қўнғирот, Қонликўл, Тўрткўл ва Чимбой туманларида қотиллик, Нукус шаҳри, Тахиатош, Кегейли, Нукус, Тўрткўл ва Чимбой туманларида оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари кўпайган.

Маҳаллаларда фуқаролар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар ва уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилишига жиддий ва масъулиятли ёндашилмаётганлиги натижасида, жорий йилнинг етти ойи мобайнида 4 та қотиллик ва 25 та оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Тўрткўл, Қўнғирот, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳрида жорий йилнинг июнь ва июль ойларининг ўзида содир этилган жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар сони кескин ошганлиги, Нукус шаҳри, Тўрткўл, Амударё, Хўжайли, Беруний ва Қўнғирот туманларида илгари судланганлар билан манзилли профилактик тадбирлар ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари талаб даражасида олиб борилмаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Нукус шаҳрида Халқлар дўстлиги, Дўстлик, Таслиқ, Мустақиллик ва Қизил қум маҳаллаларида содир этилган жиноятлар шаҳар бўйича қайд этилган жиноятларнинг 25 фоизини ташкил этиши, ушбу маҳаллалар ҳудудида шаҳар учун аҳамиятли бўлган хўжалик, бошқарув, ижтимоий ва савдо объектлар жойлашган бўлсада, уларни қўриқлаш соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланиш амалиёти сусайтириб юборилганлиги Ички ишлар вазири томонидан қаттиқ танқид остига олинди.

Мажлисда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳануз эскича иш услуби билан ишлаётган, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаётган раҳбар ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Хусусан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, фаолияти давомида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келганлиги учун Тўрткўл тумани ИИБ бошлиғи А.Ильясов, Нукус шаҳар ва Тахиатош тумани ИИБлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари А.Артиков ва А.Гулимбетов, Нукус шаҳар, Чимбой ва Қораўзак туманлари ИИБлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Н.Қдирбаев, Р.Пауланиязов ва Р.Қаландаров ҳамда Кегейли тумани ИИБ 10-сонли ички ишлар бўлинмаси бошлиғи А.Палибеков эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, қатор раҳбарларга нисбатан турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.