Йил бошидан буён содир этилган қотилликларнинг ярмидан кўпроғи оилавий муносабатлар ёки қўшнилар ўртасидаги ўзаро алоқалар натижасида содир этилган, дея хабар қилди ЎзА Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлиси якунлари бўйича маълум қилди.

7 ойида 277 та қотиллик жиноятининг 116 таси ёки 42 фоизи қариндошлар, 25 таси ёки 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95 таси ёки 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида содир этилган.

ЎзАнинг қайд этишича, баъзи ҳудудларда жиноят-қидирув йўналишидаги айрим жиноят турларининг сони ошиб бормоқда. Жумладан, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистонда қасддан одам ўлдириш, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда оғир тан жароҳати етказиш, Жиззахда босқинчилик, Наманган, Жиззах ва Қорақалпоғистонда транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари кўпайган.

Йиғилишда мамлакатдаги криминоген вазиятдаги ўзгаришлар кўнгилдагидек эмаслиги таъкидланди. «Бунинг боиси жиноятчиликнинг туб илдизини, энг асосий сабабларини аниқлаш ўрнига кўпроқ унинг оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб борилмоқда, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш услубидан воз кечилмаган», дейилади хабарда.

Йиғилишда «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат» тизимини амалиётга татбиқ қилиш лозимлиги эътироф этилди. Хусусан, ушбу тизим доирасида ваколатли давлат идоралари, маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи ташкилотлари томонидан жиноятнинг туб сабаблари ва уни келтириб чиқарган барча шарт-шароитлар ўрганилиб, жиноят қайта содир этилмаслиги учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши, айбдор шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойиллари асосида қатъий чоралар кўрилиши назарда тутилмоқда.