Тошкент божхона бошқармасининг «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари Россиядан пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган почта жўнатмасини божхона кўригидан ўтказишганида, жўнатмада декларацияда кўрсатилмаган 99 дона занглаган қадимий тангалар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг экспертиза хулосасига кўра, мазкур тангалар маданий бойлик эканлиги маълум бўлди. Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди қарорига асосан бўйича маданий бойлик деб топилган мазкур тангалар давлат эгалигига ўтказилди.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро номига Россиядан юборилган почта жўнатмасини белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган, ов қуроллари учун мўлжалланган салкам 10 кг оғирликдаги 1315 дона бўш гильзалар юборилганлиги аниқланди.


Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидан маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб киришни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 23 мартдаги 131-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, нумизматика ашёлари, яъни тарихий тангалар ҳам маданий бойликларга тааллуқли ашёлар тоифасига киритилган.

Ушбу ҳужжатга кўра, хорижий фуқаролар ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши керак, дейилади хабарда.