Ўтган ҳафтада автомобиль йўлларида жами 180 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада ушбу ҳодисаларда 27 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 177 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда ЎзА Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига таяниб хабар қилди.

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 84977 қоидабузарликлар аниқланган. Уларнинг 40701 тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. Жумладан, 1568 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 11944 нафар ҳайдовчи белгиланган тезлик талабларини бузган, 1161 нафар ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига амал қилмаган. Шунингдек, 12402 нафар ҳайдовчи одам ташиш қоидасини бузгани, 360 нафар ҳайдовчи темир йўл кесишмаларидан ўтишда қоидага риоя қилмагани учун тўхтатилди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган 668, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 870 ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 14 минг 946 нафар ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилди.