2018 йил 10 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа туман судида судланувчилар Тошкент юридик коллежи собиқ директори Наталья Темирова ҳамда Тошкент юридик коллежида иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган Абдулазизжон Салимжоновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Маълумот учун, Наталья Темирова 1959 йилда Навоий вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланмаган, Тошкент юридик коллежи директори лавозимида ишлаган. Абдулазизжон Салимжонов 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, муқаддам судланмаган, Тошкент юридик коллежида иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган.

Мазкур жиноий иши судья Болат Султонов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Саноат Набиева ва Доно Исломовадан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини батафсил ўрганиб чиқиб, Н. Темировани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ва бошқаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 238-моддасида (ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, А. Салимжоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш) ва 28-моддаси орқали 209-моддасида (мансаб сохтакорлигига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, бағрикенглик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, судланувчиларга жазо тайинлади.

Яъни Н. Темировага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) моддасини қўллаган ҳолда ва 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баробари миқдорида, яъни 52 421 250 сўм (2017 йил октябрь ҳолатидаги 149 775 сўмдан) жарима ва 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланди. А. Салимжоновга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) моддасини қўллаган ҳолда, 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) моддаси тартибида 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 310 баробари миқдорида, яъни 46 430 250 сўм (2017 йил октябрь ҳолатидаги 149 775 сўмдан) жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.