Иорданиянинг Амман шаҳрида қиличбозлик бўйича Осиё кадет цикли доирасидаги навбатдаги мусобақа бўлиб ўтди. Бу сафарги мусобақада қитънинг тўртта мамлакатидан 24 нафар спортчи иштирок этди. Унда ўзбекистонлик ёш қиличбозлар ҳам қатнашди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Сабля бўйича беллашувларда иштирок этган тўрт нафар ўзбекистонлик спортчининг уч нафари совриндорлар қаторидан жой олди.

Чорак финал доирасида кечган баҳсларда Шерзод Мамутов БАА вакилини, Жалолиддин Душамбоев кувайтлик рақибини, Бобур Расулов иорданиялик спортчини мағлубиятга учратишди. Ярим финалдаги «ўзбек дербиси"да Жалолиддин Душамбоев Шерзод Мамутовни мағлуб этиб, финалга йўл олди. Бобур Расулов эса кувайтлик Муҳаммад Алфадҳлига имкониятни бой берди. Олтин медаль учун кечган баҳсда Кувайт терма жамоаси аъзоси Муҳаммад Алфадҳли Жалолиддин Душамбоевни мағлубиятга учратди.

Шу тариқа, Иорданиядаги Осиё кадет цикли мусобақасида Жалолиддин Душамбоев кумуш, Шерзод Мамутов ва Бобур Расулов бронза медалини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Хитойнинг Уси шаҳрида ўтказилган Осиё кадет цикли баҳсларида ўзбекистонлик спортчилардан Пазил Генжабаев олтин, Шерзод Мамутов эса кумуш медалга сазовор бўлганди.