Биринчи ярим йилликда давлат бюджетига солиқ тушумлари 24,2 трлн сўм — 2017 йил январь-июнь ойларига нисбатан 43,1фоиз кўпроқни ташкил этди. Бу ҳақда ЎзА Давлат солиқ қўмитасига таяниб хабар қилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони қарийб 430 минг нафарни ташкил этмоқда. Ўтган йилга нисбатан тадбиркорлар сони 30 мингга ошган.

Фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса 195 мингдан 230 мингга етди.

Бюджетга тушумларни тармоқлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, кимё саноати тармоғида тушумлар 209 миллиард сўмни ташкил этди. Бу борада 187,3 фоиз ўсиш кузатилди.

Савдо корхоналаридан тушумлар 3,3 триллион сўм бўлиб, 170,7 фоиз ўсишга эришилди. Қурилиш соҳаси корхоналаридан тушган тушумлар эса 1 триллион сўмни ташкил этди ва 170,6 фоиз ўсишга эришилди.

Озиқ-овқат саноати корхоналаридан 833,5 миллиард сўм, умумий овқатланиш корхоналаридан 104,6 миллиард сўм, якка тадбиркорлар, маҳаллий тушумлар, бож ва йиғимлардан 2,9 триллион сўм даромад келди. Шу тариқа қарийб 1,5 баробар ўсиш таъминланди.