Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Индонезияда ўтказиладиган Осиё ўйинларида қатнашадиган якуний таркибни эълон қилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

57 ёшли мутахассис ўтказилган матбуот анжуманида жамоа ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам мувозанатни сақлашга ҳаракат қилишини билдирди.

«Биз регламент бўйича 23 ёшдан ката бўлган уч футболчини олишимиз мумкин эди ва миллий терма жамоадан футболчи олиш масаласини ўйлаб кўрдик. Аммо кейинчалик ёшлар терма жамоасига ёши таркибдагилардан 7−8 ёш катта футболчиларни қўшиш нотўғри, деган қарорга келдик. Ёш футболчилар ёши катталарга ишониб, бор масъулиятни уларга юклаб қўйиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, таркибга Машарипов, Алибоев ва Турғунбоевни (уларнинг барчаси 24 ёшда — таҳр.) олишга қарор қилдик»

Дарвозабонлар: Ботирали Эргашев («Навбаҳор»), Раҳим Давронов («Машъал»);

Ҳимоячилар: Достонбек Турсунов («Нефтчи»), Ислом Қобилов («Бунёдкор»), Аббос Отахонов («Металлург»), Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), Рустам Ашурматов («Бунёдкор»), Акром Комилов («Бунёдкор»);

Яримҳимоячилар: Одил Ҳамробеков («Насаф»), Жавоҳир Сидиқов («Қўқон-1912»), Жасур Яхшибоев («Пахтакор»), Дониёр Нарзуллаев («Насаф»), Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»), Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор»), Икром Алибоев («Локомотив»), Достон Ҳамдамов («Анжи», Россия);

Ҳужумчилар: Забиҳулло Ўринбоев («Металлург»), Бобир Абдухолиқов («Насаф»), Андрей Сидоров («Нефтчи»).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси январда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган эди.

Осиё ўйинлари 18 августдан 2 сентябрга қадар Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилади. Ўзбекистон делегациядан спортнинг 30 тури бўйича баҳсларга киришадиган 232 нафар атлет ўрин олган.