Мирзо Улуғбек метро бекати ва Milliy стадионияқинидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасидаги автомобиль йўл ўтказгичи очилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни янги қуриб битказилган ушбу кўприкни келиб кўрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Энди Бунёдкор кўчаси бўйлаб тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракат таъминланади. Йўл ўтказгичда транспортлар 6 та қаторда ҳаракатланади.

Шунингдек, бу ерда 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилган. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида лифт ва эскалатор ўрнатилган.

Давлат раҳбари ҳудудда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Бундай иншоотларни қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ақл билан лойиҳалаштириш, уларни сифатли ва замонавий қилиб қуриш зарурлигини таъкидлади. Ушбу майдон ва кўчаларда одамларга қулайликларни янада ошириш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини ҳам кириб кўрди. Боғни замонавий қилиб қайта қуриш, бу ерда очиқ ва ёпиқ аквапарк барпо этиш бўйича топшириқ берди. Боғдаги биронта ҳам дарахт кесилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Фото