Тошкент ИИББ транспорт воситалари шовқини меъёрларини белгилаш тўғрисидаги таклифни тайёрлади.

Тошкент ИИББ сайтида хабар қилинишича, қарор Тошкент аҳолисининг тунги вақтларда мотоцикллар чиқараётган шовқиндан безовта бўлаётгани тўғрисидаги шикоятлари муносабати билан қабул қилинди.

Ўзбекистон қонунчилигида ишлаш вақтида белгиланган меъёрдан ортиқча шовқин чиқараётган транспорт воситасини бошқарганлик учун жавобгарлик мавжуд (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-модда 3-қисми). Бунинг учун ЭКИҲнинг ½ дан 3 баробарига миқдорда жарима белгиланган. Бироқ транспорт воситаси чиқараётган шовқиннинг рухсат берилган даражасини белгилаб берувчи норматив ҳужжат йўқ, дейилади ИИББ хабарида.

ИИББ бошлиғи Рустам Мирзаев ташаббуси билан халқаро амалиёт ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига транспорт воситалари чиқараётган шовқиннинг рухсат берилган даражасини регламентга солувчи ҳужжатни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф киритилди.

Сўнгги вақтларда Тошкент кўчаларида патруллик қилувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари мотоциклчиларга эътиборни кучайтирди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, тунги вақтларда фуқаролар ҳуқуқлари тўғрисида маълумот берилмоқда.

Айрим мотоциклчиларда эса бир қатор қоидабузарликлар: маст ҳолда, тегишли ҳужжатларсиз ва зарур жиҳозларсиз ҳаракатланиш кабилар аниқланди. Бундай ҳолатларда мотоцикллар вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилади.