Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом (2018 йил 7 август куни 3048-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

2018 йил 9 ноябрдан бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги барча тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт воситалари тўхтаб туриши учун камида 5 фоиз жой ажратиш талаб этилади. Бундай жойлар сони 2 тадан кам бўлмаслиги керак.

Бундай жойларнинг ўлчамларига талаблар белгиланди. Автомобиль:

ҳаракат йўналишига бурчак остида қўйилганда — эни 3,5 м, узунлиги эса 5 м;

ҳаракат йўналишига параллель қўйилганда — эни 2,5 м, узунлиги 7 м.

Ногиронларнинг транспорти учун жойлар тўхтаб туриш жойининг кириш ва чиқиш қулай бўлган қисмида, кўп қаватли тўхташ жойларида эса — биринчи ва бошқа қаватларда лифтга яқин жойларда жойлашган бўлиши керак. Бунда ҳар бир жойдаги тегишли йўл белгилари ва чизиқлар ҳайдовчига яхши кўринадиган бўлиши зарур (қуйига қаранг).

Бундан ташқари, тўхтаб туриш жойи инфратузилма объектларидан (соғлиқни сақлаш муассасалари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, ижтимоий объектлар ва б.) узоқда жойлашган бўлса, улар атрофида ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорти тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади.

Бундай жойлардан фойдаланганлик учун ногиронлиги бўлган шахслардан ҳақ олинмайди, яъни тўхтаб туриш жойи — мутлақо бепул. Бунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар олдида — ногиронликни тасдиқловчи тиббий маълумотнома, 16 ёшгача ногирон боласи бўлган ота-оналарда эса бола учун ногиронлик пенсияси тайинланганлиги ҳақидаги пенсия гувоҳномаси бўлиши керак.

Маълумот учун: Йўл ҳаракати қоидаларининг 92-бандига мувофиқ, 5.15 ва 7.17 йўл белгилари ёки 1.24 йўл чизиғининг (юқорига қаранг) биргаликдаги таъсири доирасида тўхтаб туриш тақиқланади. Мазкур қоидани бузганлик учун МЖТКнинг 128−6-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) бўйича маъмурий жавобгарлик юзага келади. Қоидабузарлик такрор содир этилишига қараб жарима миқдори 3 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача ташкил этиши мумкин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.11.2018 йилдан кучга киради.